Қайд этилишича, ахборот технологиялари соҳасида 2030 йилгача 300 мингта иш ўрни яратиш бўйича белгиланган мақсадга жорий йилнинг ўзида эришилган. Энди рақамли иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳисобига яна 500 мингта иш ўрни яратиш вазифаси қўйилмоқда.
Бунинг учун ёшларни ўқитиш, касбий кўникмаларини баҳолаш ва ишга жойлаштириш жараёнларини бирлаштирадиган ягона рақамли таълим экотизими шакллантирилади.
Президент робототехника, компьютер ўйинларини яратиш, стартаплар ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳар йили 1 миллион нафар ёшни ўқитиш вазифасини қўйди.
Шунингдек, «Ал-Хоразмий ворислари» ва «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаларини кенгайтириш, сунъий интеллект, дрон технологиялари, микроэлектроника ва дастурлаш бўйича таълимни ривожлантириш белгиланди.
Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш, информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект бўйича малакасини ошириш ва уларни сертификатлаш режалаштирилмоқда.
Ёшларнинг билим ва кўникмаларига мос иш топишини енгиллаштириш мақсадида «Рақамли ёшлар» платформаси ривожлантирилади. Унда таълим, сертификатлар ва тил билиш даражаси ҳақидаги маълумотлар жамланиб, фойдаланувчиларга мос бўш иш ўринлари таклиф этилади.
Рақамли таълимга халқаро грантларни жалб қилиш ҳажмини ҳам ошириш кўзда тутилмоқда. Ўтган йили бу йўналишда 22 миллион доллар жалб қилинган бўлса, кўрсаткични жорий йил якунигача 60 миллион долларга, 2030 йилга бориб эса йилига 100 миллион долларга етказиш топширилди.
Грант маблағлари рақамли таълим, малака ошириш дастурлари ҳамда чекка ҳудудларда замонавий таълим марказларини ташкил этишга йўналтирилади.
Давлат раҳбари рақамли таълимда фақат қамровни кенгайтириш эмас, балки ўқитиш сифати ва битирувчиларнинг иш билан таъминланиши ҳам асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.