Бугун 5 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида деградацияга учраган ерларни тиклаш бўйича “Орол–Гоби” ҳамкорлигини ривожлантиришга келишилди

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида деградацияга учраган ерларни тиклаш бўйича “Орол–Гоби” ҳамкорлигини ривожлантиришга келишилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Мўғулистоннинг атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири С. Сандаг-Очир билан учрашди.

Учрашувда томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Мўғулистон бир қатор ўхшаш экологик муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, чўлланиш, яйловларнинг деградацияси, қурғоқчилик, қум ва чанг бўронларининг кучайиши каби жараёнлар экотизимлар, қишлоқ хўжалиги ҳамда аҳолининг яшаш шароитларига таъсир кўрсатмоқда.

Учрашув якунида “Қурғоқчил ҳудудлар экотизимларини тиклаш ва қум ҳамда чанг бўронларини камайтириш бўйича «Орол–Гоби» ҳамкорлиги” (Aral–Gobi Partnership for Dryland Ecosystem Restoration and Sand and Dust Storm Reduction) ташаббусини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Биринчи босқичда Ўзбекистон ва Мўғулистонда пилот ҳудудларни аниқлаш, ишларнинг устувор йўналишларини баҳолаш ва аниқ лойиҳа таклифларини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бунда деградацияга учраган ерлар ва яйловларни тиклаш, қум ва чанг бўронлари хавфини камайтириш, шунингдек, ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича амалий ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон ва Мўғулистон, шунингдек, қўшма лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва халқаро молиялаштиришни жалб этишни режалаштирмоқда. Бу борадаги ишлар, хусусан, Адаптация жамғармаси, Глобал экологик жамғарма (GEF), Яшил иқлим жамғармаси (GCF), Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий механизмлар имкониятларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

Мўғулистоннинг БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига (UNCCD) раислик қилиши қўшма ташаббусларни илгари суриш учун алоҳида имкониятлар яратади.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши сифатида Марказий Осиё ва Мўғулистонда ер ресурсларини бошқариш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш механизмини (CA+M Land PPF) ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Янги механизм ерларни тиклаш бўйича инвестицияга тайёр лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг амалий воситасига айланиши кутилмоқда. У устувор ҳудудни аниқлаш ва лойиҳа концепциясини ишлаб чиқишдан тортиб, халқаро молиялаштиришни жалб этиш учун зарур бўлган лойиҳа ҳужжатларини шакллантиришгача бўлган жараёнларни қамраб олади.

Киритилди: 15:49 04.09.2026. Ўқилди: 626 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!