Бугун 15 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон ва Корея алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Корея алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон–Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар савдо, инвестициялар, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни устувор вазифа сифатида белгиладилар.

Қайд этилишича, Кореядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 8 миллиард доллардан ошган. Мамлакатда Корея капитали иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Жорий ташриф доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.

Президентлар Кореянинг илғор технологиялари ҳамда Ўзбекистоннинг ресурс ва саноат салоҳияти асосида инновацион ва технологик альянс шакллантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида юқори технологияли ва рақамли ечимларни жорий этиш устувор йўналишлар сифатида кўрсатилди.

Шунингдек, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ўтказиш ва ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга келишди. Икки мамлакат ўртасида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланиб, кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказиш белгиланди.

Музокараларда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали ва KOICA кўмагида ташкил этилган бешта касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият юритмоқда.

Маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича икки томон позицияларининг яқинлиги ҳам тасдиқланди.

Киритилди: 16:26 14.09.2026. Ўқилди: 417 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!