Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф ва саноат, кон ва савдо вазири Сайид Муҳаммад Отабак билан учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, жумладан амалдаги келишувлар ва қўшма лойиҳаларн ҳаётга татбиқ этилишини кўриб чиқдилар. Устувор йўналишлар белгиланиб, ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича қўшма қадамлар келишиб олинди. Асосий эътибор икки давлат ўртасидаги имтиёзли савдо битими доирасида тадбиркорлар учун имкониятни кенгайтириш масаласига қаратилди.
Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги 16-мажлиси ва 2025 йил биринчи чорагида режалаштирилган қўшма бизнес-форум муддати келишиб олинди.
Музокара якунида савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт соҳаларида шерикликни янада ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар тўлиқ қамраб олинган баёнот имзоланди.