Ўзбекистон U-15 терма жамоаси Озарбайжонда ташкил этилган FIFA U-15 World Cup & Festival 2026 халқаро мусобақасидаги иштирокини якунлади.
189 та FIFA аъзо ассоциацияси вакиллари қатнашган мусобақада ўсмирларимиз якуний ҳисобда 42-ўринни эгаллади.
Терма жамоамиз гуруҳ босқичида 5 та учрашув ўтказиб, 4 тасида ғалаба қозонди. Футболчиларимиз Ганадан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлса, Багама оролларини 6:1, Қозоғистонни 2:0, Гуамни 6:0 ва Мьянмани 4:0 ҳисобида енгди.
Кейинги босқичда Ўзбекистон Мадагаскарга 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Шундан сўнг Гватемала (4:1), Коста-Рика (2:1) ва Нигер (4:3) устидан ғалабаларга эришди. Сўнгги учрашувда эса Кот-д’Ивуарга минимал 0:1 ҳисобида ютқазди.
Шу тариқа, Ўзбекистон U-15 терма жамоаси мусобақа давомида 10 та ўйин ўтказиб, 7 та ғалаба ва 3 та мағлубият қайд этди. Жамоамиз рақиблар дарвозасига 30 та гол урди ва ўз дарвозасидан 15 та тўп ўтказиб юборди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъаси вакиллари орасида Эрон, Жанубий Корея ва Австралиядан кейин 4-ўринни қўлга киритди.