Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳусийлар томонидан Саудия Арабистони пойтахтидаги Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга амалга оширилган ҳужум оқибатида беайб инсонлар ҳалок бўлгани ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатланганидан чуқур қайғуда эканини билдирди. Вазирлик ҳужумни қатъий қоралади.
Вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириб, фожиа оқибатида жабрланганларга ҳамдардлик изҳор этди. Шунингдек, жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилади.
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Ташқи ишлар вазирлиги тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланишини таъкидлади. Бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шартлиги қайд этилди.
Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозимлиги билдирилди.
Ўзбекистон барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка чақирди. Келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал этишга даъват этди.
Вазирлик баёнотида Ўзбекистон Саудия Арабистони халқи ва Ҳукумати билан бирдам экани, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлиги яна бир бор тасдиқланган.