«Tribuna.uz» сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларида фаолият олиб бораётган бир қатор бош ҳакамлар лига ўйинлари натижасига атайин таъсир кўрсатиш, учрашув олдидан клуб вакиллари билан алоқага чиқиб, ўйинда жамоага ёрдам бериш масаласида келишиш, пора олиш каби қинғир ишларга қўл урганликда гумон қилинмоқда.
Таъкидланишича, бир неча йиллардан буён Суперлига ўйинларини бошқариб келаётган ҳамда тамагирликда гумон қилинган ҳакамлар ва шахслар сўнгги икки йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кузатиб келинган. Тўпланган далил ва исботлар асосида гумондорлар сўроқ қилинмоқда.
Текширувлар якунига етгач, бу ҳақда тўлиқ расмий маълумотлар берилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) томонидан ўтказиладиган миллий чемпионат ва кубок ўйинларига Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) қошидаги Ҳакамлар департаменти томонидан ҳакам ва назоратчилар тайинланади.