Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–51-сон Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари тегишли Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади ҳамда мунтазам равишда Халқ қабулхонасида фуқароларни шахсан қабул қилади ва муаммоларини жойида ҳал қилиш чораларини кўради, мурожаатлар таҳлилини олиб боради.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида қилинадиган тақдимотларда аҳоли мурожаатларидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан режалари ҳақида алоҳида ҳисобот берилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган шахсий ва сайёр қабуллар тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали қабуллар жараёни устидан назорат ўрнатилади.
Жамоавий тусдаги мурожаатлар аҳоли вакиллари ва «маҳалла еттилиги» иштирокида ўрганилиб, улар розилиги асосида назоратдан олинади.