Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди

Ватанимиз истиқлолининг миллий давлатчилигимиздаги роли ва Янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ва келгуси тараққиётидаги аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигини мамлакатимизнинг улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги юксак нуфузига муносиб тарзда нишонлаш учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Мустақиллик – мард ва олижаноб халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида кураш олиб борган фидойи аждодларимизнинг жасорати ва матонати билан қўлга киритилган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.

Айнан истиқлол туфайли янгиланган конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инсон қадр-қимматини улуғлаш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, буюк тарихимиз ҳамда миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини қарор топтириш, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунинг учун ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда, онгу тафаккури ва дунёқараши янгиланмоқда.

Бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди.

Киритилди: 18:33 25.06.2026. Ўқилди: 1171 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!