Бугун 7 август, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: 27-моддада қандай ўзгаришлар бор?

A A A
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: 27-моддада қандай ўзгаришлар бор?

Хабарингиз бор, сайтимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот бериб боряпмиз. Бу сафар 27-моддага тўхталиб ўтамиз.

Ҳозирги шакли:

27-модда. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Янги шакли:

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга. (27-модда)

Изоҳ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 августдаги Мустақиллик кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида, “Демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқдалиги, мустақил ва кучли суд ҳокимияти инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийликни қарор топтиришнинг асосий шартидир”. Бу йўналишдаги устувор вазифаларга доир 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳозирги вақтда улар асосида жиддий амалий ишлар олиб борилмоқда.

2. Президентимизнинг Контитуциянинг 29 йиллиги бағишланган нутқида (07.12.2021 й.) “Айни вақтда ... инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз” деб таъкидланди.

3. Мазкур нормага ўхшаш нормалар Ўзбекистоннинг Фуқаролик кодекси ва тегишли қонунларида ўз аксини топган.

4. Шунингдек, халқаро хужжатлардан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг (1948) 3-моддасида ҳар бир инсон, яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эга деб белгиланган

Мазкур норма, дунёнинг аксарият ривожланган мамлакатларнинг конституцияларида мавжуд.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. (27-модда)

1. Президентимизнинг Контитуциянинг 29 йиллиги бағишланган нутқида (07.12.2021 й.) “Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз”.
Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия билан учрашувида (20.06.2022 й.) “Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим”лиги қайд этилди.
2. Мазкур нормага ўхшаш нормалар Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжахон Декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалиги эътироф этилган. Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқулар бўйича халқаро пактнинг 17-моддасида ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз килинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги ва ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовузлардан қонун орқали ҳимоя этилиш ҳуқуқига эгалиги эътироф этилган.

Мазкур норма Озарбайжон, Арманистон, Козоғистон Конституцияларида ҳам ўз ифодасини топган.

#MeningKonstitutsiyam

#YangiQomus

Киритилди: 09:22 29.06.2022. Ўқилди: 6055 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!