Бугун Тошкент шаҳридаги “Frankfort” меҳмонхонаси мажлислар залида Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги вакиллари, федерация раҳбарияти, Ижроия қўмитаси аъзолари, мураббийлар, чарм қўлқоп усталари, промоутерлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда дастлаб Федерация бош котиби Ойбек Мўминов 2022–2024 йиллар ва 2025 йилнинг биринчи чорагидаги фаолият юзасидан ҳисобот берди. Ушбу давр мобайнида федерация янги Устав асосида иш юритиб, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашга муваффақ бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон бокс кенгаши — WBC аъзолигига қабул қилинди. Бу тарихий қадам миллий профессионал бокснинг янги босқичга кўтарилишида муҳим пойдевор бўлди.
2023 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри WBC'нинг 61-конвенциясига мезбонлик қилди — бу Марказий Осиё ва МДҲ тарихидаги илк шундай анжуман бўлди. Мамлакатимизга бир қатор жаҳон бокс юлдузлари ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг халқаро имиджи янада мустаҳкамланди.
WBC билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида юртимиздаги мусобақалар даражаси ошиб, маҳаллий мутахассисларга янги имкониятлар эшиги очилди. “WBC University” лойиҳаси доирасида ҳакамлар ва техник ходимлар учун семинарлар ташкил этилиб, 2022 йилда 40 дан ортиқ мутахассис малакасини ошириш имконига эга бўлди. Ҳар йили камида 5 нафар ўзбекистонлик мутахассис WBC халқаро тадбирларида қатнашмоқда.
2022–2025 йиллар оралиғида Тошкент ва вилоятларда 40 дан зиёд халқаро профессионал бокс мусобақалари ўтказилди. Уларда 200 дан ортиқ боксчи маҳорат синовидан ўтди. Ўзбекистонлик спортчилар Саудия Арабистони, БАА, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва қўшни давлатлардаги турнирларда WBC, WBA ва IBF камарлари учун курашиб, рекорд натижаларни қўлга киритмоқда.
Бундан ташқари “Riyadh Season WBC Grand Prix” мусобақасини ташкил этиш ва ўтказишда ҳам Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси кенг ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Конференцияда эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилди ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Конференциянинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
Унга кўра Билол Эркинов Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси раиси этиб бир овоздан сайланди.
Шунингдек, федерация раиси биринчи ўринбосари сифатида Гафур Раҳимов, ўринбосарлар сифатида Зиёвиддин Ходжиниёзов ва Умид Якубов сайланди. Федерация бош котиби сифатида Ойбек Мўминов ўз фаолиятини давом эттиради.
Федерациянинг Васийлик кенгаши раиси лавозимига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқов қайта сайланди.
Конференция якунларида Спорт вазири Адҳам Икрамов сўзга чиқиб, янги раҳбариятни табриклади ва профессионал боксни мамлакат миқёсида кенг оммалаштириш, иқтидорли ёшларни саралаш, халқаро алоқаларни кенгайтириш борасида вазирлик доимо ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.