Бугун 2 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон Президенти Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этади

Ўзбекистон Президенти Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этади

3-4 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши тадбирларида иштирок этади.

Давлатимиз раҳбари тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлайди ҳамда хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Йиғилишнинг бош мавзуси – “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш”. Форум глобал ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформа бўлади.

Иштирокчилар асосий эътиборини “яшил” трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги ва бошқа масалаларга қаратадилар.

Беш кунлик саммитда 100 дан ортиқ мамлакат делегациялари, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа институтлар раҳбарлари ва ходимлари ҳамда хорижий ҳукуматларнинг 2 минг нафарга яқин вакиллари, етакчи компаниялар ва банклар, трансмиллий корпорациялар топ-менежерлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этади. Жами 4 мингдан зиёд делегат қатнашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён Осиё тараққиёт банкининг аъзоси бўлиб, унинг энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади: лойиҳалар портфелининг умумий ҳажми қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз банкнинг йиллик йиғилишига иккинчи бор мезбонлик қилмоқда.

Киритилди: Бугун 19:48. Ўқилди: 213 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!