Бугун 16 октябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистон павильони халқаро тадбирда олтин медалга сазовор бўлди

Ўзбекистон павильони халқаро тадбирда олтин медалга сазовор бўлди

2025 йил 12 октябрь куни Осакадаги «Shining Hat» Экспо-холлида Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси («BIE») мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу маросим «EXPO 2025 Osaka, Kansai» Халқаро кўргазмасининг ёрқин якуний аккорди бўлди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон павильони 1500 м² гача майдонли павильонлар орасида ўз тоифасидаги энг олий мукофот — «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» номинациясида олтин медалга сазовор бўлди.

Қарорни 21 май куни павильонга ташриф буюрган тўққиз нафар экспертдан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати қабул қилди. Мукофотлар беш турдаги павильонлар ўртасида учта асосий номинация — «Архитектура ва ландшафт», «Кўргазма дизайни» ва «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» бўйича топширилди.

«Биз тақдим этган «Билимлар боғи: келажакдаги жамият учун лаборатория» концепциясида анъаналар ва инновациялар уйғунлиги ўз аксини топган. Ғоямиз жаҳон ҳамжамиятида кенг кўламли акс-садо берди», — деди (https://t.me/SShMirziyoyeva/3208) Саида Мирзиёева.

Президент Администрацияси раҳбари профессионаллик ва ушбу лойиҳага бўлган ишонч учун бутун жамоага, шунингдек, халқаро ҳамкорларга миннатдорлик изҳор этган.

Бутунжаҳон кўргазмалар бюроси («BIE», 1928 йилда ташкил этилган) мукофоти ЭКСПО доирасида кўргазманинг асосий мавзуси билан ҳамоҳанг соҳаларда эришилган ютуқлар учун тақдим этилади. Бу мукофот инновацион ғоялар, илғор технологиялар ва иштирокчи-давлатларнинг маданий жиҳатларини намоён этган энг яхши павильон ва экспозицияларга берилади.

Нуфузли «BIE» мукофоти — дунё кўргазмаси ривожига катта ҳисса қўшган иштирокчиларнинг ноёб натижаларини эътироф этади ҳамда уларнинг муайян соҳадаги лидерлигини ифода этади. Мукофот соҳиби бўлган павильонлар креатив, замонавий технологияларга ва глобал муаммоларга янги ёндашувларни намоён этгани учун тақдирланади.

Киритилди: 14:05 13.10.2025. Ўқилди: 510 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!