Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабар беришича, юртимиздаги вазият туфайли Мусулмонлар идораси ҳам карантин эълон қилади. Идоранинг иш тартиби онлайн режимга ўтади, аҳолининг мурожаатларини онлайн шаклда қабул қилади ва белгиланган тартибда жавоб қайтаради.
Маълум қилинишича, карантин вақтида асосий ишга таъсир этмаган ҳолда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилади, айримлари масофадан туриб ишлаш тартибига ўтади. Қабулхона, бўлимлар ва хоналарда дезинфекция ишлари амалга оширилади. Карантин жараёнида Диний идора ишчи ҳолатида ўз иш фаолиятини олиб боради ва сўровларни электрон ёки телефон орқали қабул қилади.
Фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг umi-devon@umail.uz электрон манзилига мурожаатларини йўллашлари мумкин. Шунингдек, сўровлар қуйидаги 78-150-64-40 телефон рақами орқали ҳам қабул қилинади.
Шунингдек, мўмин-мусулмонлар диний саволларига жавобларни fatvo.uz сайти, @SavollarMuslimUzBot телеграм боти ва 78-150-33-44 call-марказ орқали ҳам олишлари мумкин.