ЖЧ-2026 қуръаси бутун футбол оммасининг диққат марказида турибди.
Айниқса, илк бор иштирок этадиган жамоалар, шу жумладан, Ўзбекистон учун бу янада қизиқарли жараён. Тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров қуръа олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.
"Жаҳон чемпионати қуръаси олдидан қандайдир кутилмалар кутиш нотўғри деб ўйлайман. Саватчаларга эътибор берадиган бўлсак, биринчи саватчадан топ-жамоалардан бири билан тўқнаш келамиз. Мундиалда кучсиз жамоа бўлмайди. Лекин терма жамоамиз ким билан ўйнаса ҳам, майдонда шунчаки тўп тепмайди, чунки бизда ҳам охирги йилларда яхши ижрочилар етишиб чиқмоқда. Абдуқодир Ҳусановни айтамизми, Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев. Остон Ўрунов спорт формасини сақлаб турса, у ҳам ўзини кўрсатади. Ўтган ФИФА кунларидаги Миср билан ўйинимиздан келиб чиқсак, исталган жамоа билан ўйнай олишимиз мумкин. Одатда тахмин қилишни ёқтирмайман. Ким тушса ҳам ўйнашимиз керак. Умид қиламанки, терма жамоамиз муносиб натижа қайд этади. Қуръадан сўнг эса рақиблар ҳақида фикр билдириш мумкин", – деди Равшан Ҳайдаров Championat.asia нашрига.
Эслатиб ўтамиз, маросим бугун Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.