Ўзбекистон глобал рақамли технологиялар оламининг марказига айланмоқда. Жорий йилнинг 9–16 август кунлари мамлакатимиз ўз тарихида илк бор мактаб ўқувчилари ўртасидаги энг нуфузли ва дунё миқёсидаги энг йирик дастурлаш мусобақаси — 38-Халқаро информатика олимпиадасига (IOI 2026) мезбонлик қилади.
Бу нафақат спорт дастурлашидаги беллашув, балки Google, Microsoft, OpenAI каби жахоннинг технологик гигантлари ва етакчи глобал илмий-тадқиқот муассасалари эътиборидаги иқтидорлар майдонидир.
Ўзбекистон мезбонлик қиладиган мазкур нуфузли анжуман ўзининг кенг кўлами билан ажралиб туради. 97 дан ортиқ давлатдан келадиган 386 нафар энг иқтидорли ёш дастурчилар бош соврин учун баҳс олиб боради. Олимпиада доирасида юртимизга ташриф буюрадиган халқаро делегатлар, ҳакамлар, кузатувчилар ва соҳа экспертларининг умумий сони 900 нафардан зиёд.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Боливияда бўлиб ўтган IOI 2025 олимпиадасида ҳамюртларимиз кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиб, мамлакат интеллектуал салоҳиятини намойиш этган эдилар.
Эндиликда ёш дастурчиларимиз ўз майдонларида, юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлаши остида янги тарихий рекордларни янгилашга ва олтин медалларни юртимизда қолдиришга шайланмоқда.
Халқаро информатика олимпиадасининг Ўзбекистонда ўтказилиши юртимизда олиб борилаётган рақамли трансформация ва IТ таълимга бўлган юқори эътиборнинг халқаро миқёсдаги эътирофидир. Август ойида Тошкент жаҳоннинг энг ақлли ёш виртуозларини бирлаштирадиган интеллектуал хабга айланади.