Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япония адлия вазири, Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ижро қўмитаси раиси Кейсуке Сузуки билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув аввалида Кейсуке Сузуки Ўзбекистон ва Японияни узоқ йиллик тарихга эга ўзаро ишонч ва дўстлик ришталарига асосланган алоқалар боғлаб туриши таъкидланди. Ҳозирги мураккаб геосиёсий вазиятда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Япония учун Ўзбекистон муҳим стратегик ҳамкор мамлакат экани билдирилди.
"Шу йил май ойида Ўзбекистонга амалга амалга оширган ташрифим жуда самарали бўлди. Ташриф доирасида эришилган келишувлар натижасида Япония ҳукумати 2026 йилда илк бор Япония ва Марказий Осиё давлатлари адлия вазирлари йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда", – деди у.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кенг қамровли ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.