Бугун 24 апрель, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистон элчиси Эстония Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон элчиси Эстония Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг Эстонияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) Тимур Раҳмонов 16 апрель куни ушбу давлат Президенти Алар Карисга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда "Дунё" АА мухбири хабар бермоқда.

Расмий тадбирдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Эстония Президенти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиб бораётганини юксак баҳолади ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Шунингдек, Эстония етакчиси Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлатга айланганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у Ўзбекистон етакчисининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, жумладан, кўп йиллар давомида можароларга сабаб бўлиб келган чегара масалаларини ижобий ҳал этишдаги катта ҳиссасини алоҳида урғулади.

Президент Алар Карис давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эстон томони тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Раҳмонов 2024 йил 13 март куни Ўзбекистон элчиси сифатида Рига шаҳрига борган эди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у 2021-2024 йилларда мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган.

Тимур Раҳмонов 2024 йил 17 июнь куни Ўзбекистон элчиси сифатида Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичсга, 2025 йил 11 февраль куни Литвадаги элчи сифатида ушбу давлат Президенти Гитанас Науседага, 1 апрель куни эса Финляндиядаги элчи сифатида мазкур мамлакат Президенти Александр Стуббга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Киритилди: 09:37 21.04.2025. Ўқилди: 540 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!