Ўзбекистонда 2024–2030 йилларга мўлжалланган Чанг-тўзон бўронларига қарши курашиш миллий дастури қабул қилинди. Унга кўра, 2028 йилга қадар кучли чанг-тўзон бўронлари юзага келиш интенсивлигини 50 фоизга камайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қўмита хабарида таъкидланишича, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экотизимлар деградацияси натижасида қарийб 3 миллион гектар ердан фойдаланиш имконияти йўқолган. Ушбу ҳудуднинг 56 фоиздан ортиғи кучли шамол эрозиясига учрамоқда. Ўзбекистонда ерларнинг деградацияси ва чўлланишидан келиб чиқадиган йиллик иқтисодий зарар 830 миллион долларга баҳоланмоқда.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, шаҳар ҳудудидан ташқаридаги манбалардан шамол орқали келадиган чанг Тошкент шаҳридаги PM2.5 майда заррачаларининг йиллик ўртача концентрациясининг 36 фоизгача бўлган қисмини ташкил этади. Қуруқ ёз ойларида эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ошади.
Шунингдек, атмосфера ҳавоси сифатини кузатиш бўйича 347 та автоматлаштирилган станциядан иборат ягона тармоқни ташкил этиш, кўп омилли эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва ҳимоя яшил ҳудудларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон минтақавий мониторинг ва чанг-тўзон бўронларини прогноз қилиш инфратузилмасини ривожлантириш, чанг манбаларини сунъий йўлдошлар орқали баҳолаш, деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш, яйловлар ва сув ресурсларини барқарор бошқаришни жорий этиш, шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таклиф этди.