Мамлакат ҳудудида кузатилаётган совуқ антициклон таъсири 5 декабрга қадар сақланиб туриши кутилмоқда. Демак, 5 декабрь кунига қадар ёмғирдан дарак йўқ.
Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 29 ноябрдан бошлаб унинг таъсири янада кучайиб, атмосфера босимининг ошиши, ҳаво ҳароратининг пасайиши ва кечалари совуқ, кундузи эса унча илиқ бўлмаган об-ҳаво кузатилиши мумкин. Антициклонларга хос тарзда эрталабки туманлар эҳтимоли ҳам юқори.
Юқори босимли майдон келгуси 10 кун давомида ҳукм суриши прогноз қилинмоқда.
Ўзгидромет аввалроқ инверсия 29 ноябргача давом этиши ҳақида хабар берган эди. Бироқ янгиланган синоптик кузатувларга кўра, совуқ антициклон давом этаётган бир пайтда инверсия ҳодисалари ҳам кутилганидан узоқроқ вақт сақланиши мумкин.
Узоқ муддатли инверсия ўз навбатида чанг, тутун ва майда заррачалар (ПМ) миқдорининг ошишига, шунингдек, қуюқ туман ҳолатларига олиб келиши эҳтимоли бор.