Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган уюшган жиноятчилик гуруҳи фаолиятига чек қўйилиб, 2 тонна алкоголь маҳсулоти ва 718 литр спирт муомалага чиқарилишининг олди олинди.
Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.О.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида 3 минг 357 дона қалбаки акциз маркаси, жами 600 литр қалбаки акциз маркали ва умуман акциз маркасига эга бўлмаган 0,5 литр сиғимли шишалардаги алкоголли ичимликлар, қўлбола усулда пластмасса идишга тайёрлаб қўйилган 125 литр алкоголли маҳсулот, 18 литр этил спирти, 1 дона 300 литрли пластмасса идиш, 3 минг 750 дона капсула, 6 минг 254 дона QR коди тушурилган наклейка, 1 минг 873 дона стикер, 315 дона бўш шиша, 2 минг 768 дона пластмасса шиша қопқоғи, 4 минг 853 дона темир шиша қопқоғи ва бошқа турдаги ашёвий далиллар билан алкоголь маҳсулотлари тайёрланаётгани аниқланиб, жиноий фаолиятга чек қўйилди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, тумандаги Тозабоғёп овули ҳудудида истиқомат қилувчи яна бир нафар фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, унда 35 дона 20 литрли сиғимли канистрларда жами 700 литр этил спирти кейинчалик қўлбола усулда ароқ маҳсулотини тайёрловчи яширин цехларга етказиб бериш мақсадида сақланиб келинаётганлиги аниқланди. Тумандаги навбатдаги хонадон кўздан кечирилганида эса алкоголь маҳсулотларини тайёрлашда ишлатиладиган анжомлар борлиги маълум бўлди. Хонадондан 16 дона рулонда ва кесилган ҳолатдаги ароқларни блоклашда фойдаланиладиган шаффоф полиэтилен пакетлар, пластмасса идишлар, газ гарелкаси, 0,2 ва 0,5 литр сиғимдаги жами 69 дона бўш шиша, 1 дона газ редуктори, 6 дона воронка, 7 дона буёқ шётка, 10 метр полиэтилен шланга ҳамда 3 дона полиэтилен пакетни ёпиштирувчи дазмол ашёвий далил тариқасида олинди.
Кейинги манзилда эса қўлбола усулда тайёрланган алкоголли ичимликлар “реализация”га чиқарилар экан. Фуқаро А.А.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, уйида қўлбола усулда ишлаб чиқарилган, қалбаки акциз маркалар билан маркаланган 0,45, 0,5, 0,75 ва 0,2 литр сиғимдаги 2 минг 622 та шишада жами 1 минг 294 литр ароқ “яма” тариқасида сақлаб қўйилганлиги аниқланди.
Спирт ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний муомаласини олдини олиш юзасидан ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан қиймати жами 194 миллион сўм миқдордаги алкоголли ичимлик ҳамда спирт маҳсулоти далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими томонидан жиноятга алоқадор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.