Бугун 14 ноябрь, 2019 йил, пайшанба

O'ZB

Уйғурлар муаммоси билан шуғулланаётган тадқиқотчи Ўзбекистонга киритилмади

Уйғурлар муаммоси билан шуғулланаётган тадқиқотчи Ўзбекистонга киритилмади

Тадқиқотчи, ёзувчи ва уйғур тили таржимони Евгений Бунин 1 ноябрь куни Олма Отадан Тошкентга учиб келиб, аэропортдан Қозоғистонга қайтариб юборилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ДХХ чегара қўшинлари ходимлари аэропортда чиқариб юбориш сабабини билмасликларини маълум қилиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишни тавсия этишган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди,

Бундан аввал бир неча марта Ўзбекистонга ташриф буюрган Евгений Бунин «Газета.uz» саволига жавоб берар экан, тақиқни у айни вақтда олиб бораётган тадқиқот иши билан боғлади.

«Шахсан мен бу Шинжон мавзусидаги ишларим билан боғлиқ эканига аминман — мен Шинжонда Хитой сиёсати қурбонларининг энг катта очиқ маълумотлар базаси (shahit.biz) раҳбариман. Мен тез-тез у ерда нима содир бўлаётгани ҳақида ёзаман ва воқеаларни ёритаман. 2018 йилдан бери фақат шу иш билан шуғулланаман, бундан бошқа ҳеч нарса менинг киришимга тақиққа сабаб бўлиши мумкин эмас. Мен Ўзбекистондаги қонунларни бузмаганман ва маҳаллий сиёсат билан қизиқмаганман», — дейди тадқиқотчи.

Евгений Буниннинг сўзларига кўра, у Ўзбекистонга шунчаки сайёҳ сифатида 2016 йил бошида, шунингдек 2018 йил август-сентябрь ойларида ташриф буюрган. Ўтган йилнинг октябрь ойида у Олма Отадан Бухорога бориб, у ерда уч-тўрт ой яшаган.

«2019 йил март ойида Серикжан Билаш (Хитойдаги этник қозоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол, „Атажурт“ ҳаракатининг етакчиси) Олма Отада ҳибсга олинган, шу сабабли у қайтиб келган. Апрель ойида АҚШдаги конференцияга Тошкентдан АҚШга парвоз қилдим. Икки ой олдин Тошкентга учиб, маҳаллий фаоллар — Анвар Назир ва бошқалар билан учрашдим ва Шинжон мавзусида эксперт сифатида ишладим. Серикжан Билаш икки-уч ой муқадда қўйиб юборилди, Олма Отада иш камроқ эди ва қиш ҳам бошланди, шунинг учун мен яна Ўзбекистонга қайтиб Бухорода яшашга қарор қилдим», — деди Евгений Бунин.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга охирги ташрифидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари у Бухорода бир муддат истиқомат қилган хостелга келиб, у ҳақда сўрашган.

Евгений Бунин Ўзбекистонга кириш тақиқланганлиги тўғрисида тушунтириш олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиш ниятида эканлигини айтди.

Киритилди: 10:06 08.11.2019. Ўқилди: 1674 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!