Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити" сафидаги навбатдаги учрашувини юқори савияда ўтказди.
Англия Лига кубоги 1/16 финалида "шаҳарликлар" "Норвич Сити"ни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳусанов бошланғич таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа давомида жамоаси ҳимоясида ҳаракат қилди.
Софасcоре мазкур учрашувдаги ўйини учун ўзбекистонлик футболчига 7,6 балл қўйди. Ҳусанов нафақат ҳимоядаги ҳаракатлари, балки тўп билан муомалада ҳам юқори кўрсаткич қайд этди.
Учрашув давомида ҳимоячи 135 марта тўпга тегиб, 118 та узатмасидан 112 тасини шерикларига аниқ етказди. Шу тариқа, унинг паслар аниқлиги 95 фоизни ташкил этди.
Ҳусанов ўз жамоаси майдонидаги узатмаларда умуман хатога йўл қўймади — 74 та паснинг барчаси аниқ чиқди. Рақиб томонда эса 44 уринишдан 38 таси манзилига етиб борди.
Ҳимоявий ҳаракатларда ҳам Ҳусанов фаол бўлди. У уч марта тўпни муваффақиятли олиб қўйди, бир бор рақиб узатмасини тўхтатди ва битта зарбани тўсди. Олтита ердаги курашнинг учтасида устун келган футболчи ҳаводаги икки яккакурашнинг ҳар иккисини ҳам ўз фойдасига ҳал қилди.
Учрашув иштирокчилари орасида энг юқори баҳони "Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Аллан олди — 8,9. Икки гол урган 17 ёшли Флойд Самба эса 8,7 баллга лойиқ кўрилди.