Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

"Ўткан кунлар"дан кейинги энг зўр асар

"Ўткан кунлар"дан кейинги энг зўр асар

Абдулҳамид Исмоилнинг кўплаб олқишларга сазовор бўлган "Жинлар базми" асарини ўқиб чиқдим. Европа Банки мукофотининг совриндори бўлган бу китобни қандай таржима қилишган билмайман. Чунки бу асар таржима қилиб бўлмайдиган ва бир амаллаб қилинса ҳам маъно, руҳ ва шаклда катта йўқотиш бўлса керак деб ўйлайман.

Буюк асарлар ўз тилида ўқилишига яна бир бор амин бўлдим. Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" асарида халқимизнинг энг қора кунларидан ҳикоя қилганидек, Абдулҳамид Исмоил ҳам "Жинлар базми"да энг қайғули, энг оғир даврдан сўзлайди.

Адабиётнинг диққат марказида доим инсон тақдири бўлиб келган. Инсон миллат, ватан тақдирига куюнмайдиган адабиётда хайр йўқ. Ушбу асарда шахс ва миллат тақдири, уларнинг азалий муаммолари ва дарди муҳокама қилинади.

Абдулла Қодирий 1937 йилда ҳибсга олинмасидан олдин Қўқон хони Умархон даврида яшаб ўтган Ойхон номли канизак ҳақида асар ёзишни бошлаган эди. Аммо ҳибс қилинганда ҳамма қўлёзмалари мусодара қилинади, бу қўлёзма эса изсиз йўқолади. Ҳамид аканинг бу асари Қодирий ёзмоқчи бўлган ана шу роман ҳақида. Қодирийнинг ҳибсга олинишидан бошлаб, унинг хаёлида Ойхон тақдирини тасаввур қилади. Демак, бу китобни роман ҳақидаги роман десак бўлади.

Бу роман мен шу пайтгача ўқиган ўзбек романларидан бутунлай бошқача, услуб жиҳатдан ўзига хос ёзилган. Романда икки хил сюжет ривожи бирдек кетади. Бир сюжет чизиғида Қодирийнинг қамоқдаги ҳаёти тасвирланса, иккинчи сюжетда Ойхон, 19 асрдаги хонлар саройи, Марказий Осиё масаласида Британия ва Чор империяси ўртасида бўлиб ўтган "Катта ўйин" ҳақида гап кетади. Иккала сюжет мунтазам кетма-кет алмашиб туриши ўқувчини бироз чалғитади, калаванинг учини топишга ўнғайсизланади, тахминан юз бетлардан кейин кўникиб қолади.

Мумтоз адабиётдан узоқ ўқувчилар бу китобни тушуниши қийинроқ кечиши мумкин. Чунки муаллиф авом тилидан узоқроқ бўлган, анча олий, нафис тилда ёзади. Баъзи ёзувчилар каби халқона ёзаман деб тўпорилашиб кетмаган, поэтик прозада ёзган. Унинг устига эски ўзбек шевалари ва услублари ҳам аралаштирилган. Тожикча-форсча диалоглар ҳам кўп. Татар ёки ўриснинг ўзбекча гапириши ҳам аслиятдек берилган. Мулла Шибирғоний ўзбекчаси яна бошқача. Асар тили ўта нозик. Нозик эҳтиросли манзара ва эпизодлар ҳам мумтоз шеърият тилида шундай ёритиладики, уни тушуниш учун заковат керак.

Менимча, Ҳамид Исмоил ўткир тафаккур соҳиби, мушоҳадаси кенг, тахайюл олами бой, фавқулодда истеъдодли ёзувчи. Бу асарни олдин кўрилмаган, социал реализм сарқитидан йироқ, янгича бир тариқат билан битган. Муаллиф ёзган "Муртад" қиссасини унча тушунмаган эдим, "Жинлар базми"ни тушундим . Боя айтганимдек бу ёзувчи услубига тушиб олмасангиз қандайдир ғалати туюлади. Туш, хаёлот оламида юргандек бўласиз. Ёзувчининг тахайюл ва тасаввур қудратига тан берасиз.

Абдулла Қодирий қатори миллатнинг энг зиёли фарзандларининг қамоқда кечирган руҳий ва жисмоний азобларини ҳис қиласиз. Ўша хонликлар давридаги зулм, жаҳолат, истибдод туфайли қора халқ бошига келган балолар, натижада бутун Туркистон катта империяларга ем бўлишини ўқиб ачинасиз.

Умархоннинг ўғли Мадалихон отасидан кейин тахтга ўтириб, туғёнга кетиши, ҳатто отасининг хотинларига тегажоғлик қилиши жирканишга ундайди. Тарихий фактларга қанчалик мос, билмадим, лекин ўша даврларда жаҳолат ва зулм авж олгани сир эмас.

Бухоро амири Насруллохон Қўқонга бостириб келганда аскарлари ҳамма ёқни талон-тарож қилади, аёлларни зўрлайди. Бу манзара ҳам жуда аянчли тасвирланган.

Асар давомида ўша эпизодга мос ғазаллар, мисралар бериб борилади. Бу ҳасм ўзгача гўзаллик бағишлайди.Айниқса охирроғида фожеъли манзаралардан кейин Чўлпоннинг қайғули шеърлари қалбни ларзага солади. Юқорида айтганимдек, бу фожеавий асар. Шахс ва миллатнинг фожеали тақдири муҳокама қилинади.

Бу ўта жиддий китоб. Ундан чаман боғлар, гулзорлар кутиш нотўғри. 19-20 асрдаги ўзбек халқининг фожеаси ёритилади.

Бу китоб тарихий мавзуда бўлса ҳам кўтарган масаласи азалий ва абадийдир. Токи инсонлар бор экан ҳурлик ва қуллик, адолат ва зулм, эркинлик ва истибдод масаласи долзарблигича қолади. Бу асар ўқувчини фикрлашга, тарихий воқеликни қиёслашга, мавжуд вазиятни таҳлил этишга ундайди. Ўрта Осиё нега истило қилинган эди, болшевиклар миллатнинг асл фарзандларини нега қатл қилишган эди каби саволлар мияда ғужғон ўйнашни бошлайди.

Ҳамид Исмоил берган интервюларида ёзган китобларини шарҳлашни ёқтирмайди. Ўзингиз ўқиб кўринг, нима демоқчи бўлган бўлсам ҳаммасини ёзганман дейди. Мен ҳам гапни қисқа қилиб, бу китобни ўзингиз ўқиб чиқишга ундайман. "Ўткан кунлар"дан кейинги энг зўр асар, десак муболаға бўлмайди, ишонаверинг.

манба: Sof.uz

Киритилди: 13:54 03.10.2019. Ўқилди: 4428 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!