Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида импорт ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ коррупцион схема фош этилди. Тергов давомида миллиардлаб сўмлик шубҳали маблағ айланмалари ҳам аниқланган.
Маълум бўлишича, агентликнинг айрим масъул ходимлари тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича норасмий “ставка”лар белгилаб олган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Г.У. агентликда ишловчи танишлари орқали Туркиянинг “Y.T.” корхонасини хорижий экспортёрлар реестрига киритиб бериш эвазига 1 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширувларда Г.У. ва агентликнинг бош мутахассиси М.Г. тил бириктириб, бир нечта маҳсулотларни импорт қилиш учун карантин рухсатномаларини расмийлаштириб бериш эвазига пул маблағларини фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.
Шунингдек, Г.У.га тегишли икки банк картаси орқали фуқаролардан P2P шаклида 10,9 миллиард сўм маблағ келиб тушгани маълум бўлди. Ушбу маблағнинг катта қисми нақдлаштирилган бўлиб, бир қисми агентлик ходимларига берилгани, қолган қисми эса шахсий эҳтиёжларга сарфлангани қайд этилган.
Таҳлиллар давомида агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ҳисоб рақамларига тушган 91,7 миллиард сўмлик тўловларнинг 14,9 миллиард сўми 759 нафар фуқаронинг пластик карталари орқали амалга оширилгани, уларнинг бир қисми агентлик ходимлари ва уларнинг яқин қариндошлари экани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.