Тошкент-Андижон автомобиль йўлининг бир қисмида транспорт воситалари учун ҳаракатланиш тезлиги чекланади. Бу бўйича 8 июнь куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарор билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А-373 Тошкент-Оҳангарон-Ангрен-Қўқон-Шаҳрихон-Андижон автомагистралининг 103−131-километрлари оралиғида ҳаракат тезлиги амалдаги 100 км/соатдан камайтирилади.
Унга кўра, М1, М2 ва Н1 тоифасидаги транспорт воситалари учун максимал тезлик 80 км/соат, Н2 ва Н3 тоифасидаги юк автомобиллари учун эса 50 км/соат этиб белгиланади.
Ушбу чеклов Оҳангарон ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 3 та аҳоли яшаш жойидан ташқари тўртта қисмига нисбатан қўлланилади. Бу ҳудудда “Юқори тезлик чекланган” йўл белгилари ҳамда қўшимча ахборот белгиларини ўрнатиш кўзда тутилган.