Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Банда туманида ҳаёт сўнгги ҳафталарда мисли кўрилмаган жазирама иссиқлик шароитида кечмоқда. Ҳарорат бир неча кун давомида 47–48°C даражагача кўтарилиб, ҳудуд мамлакатнинг энг иссиқ нуқтасига айланди.
Эрталаб соат олтидаёқ қуёш гўё туш пайтидагидек куйдиради. Кун ёриғи ўта ёрқин, ҳаво эса эрта тонгданоқ қизиб кетади. Маҳаллий аҳоли айтишича, бу ерда энди «салқин тонг» деган тушунча деярли қолмаган.
Икки миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Бандада кўпчилик қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва бошқа очиқ ҳаводаги меҳнат билан кун кечиради. Улар учун иссиқдан қочиш имконияти деярли йўқ, шунинг учун одамлар бутун турмуш тарзини об-ҳавога мослаштиришга мажбур бўлган.
Туман марказидан 30 километр узоқликдаги Атарра сабзавот бозорида савдо ишлари одатдагидан анча эрта бошланади. Деҳқонлар тонг ёришиши билан помидор, қалампир, лимон, қовун ва бошқа маҳсулотларни олиб келади. Бозор эса шаҳар аҳолисининг аксарияти уйғонмасиданоқ ёпилади.
Сотувчиларнинг айтишича, ҳар ким маҳсулотини иложи борича тезроқ сотиб, ҳаво янада қизиб кетмасидан уйига қайтишга ҳаракат қилади.
«Қуёшга қаранг. Ҳозир соат 6:15 бўлса ҳам, ўзингизни худди соат 8 ёки 9 бўлгандек ҳис қиласиз», — дейди помидор сотувчиси Ҳиманшу.
Жазирама нафақат одамларнинг кун тартибини ўзгартирган, балки маҳсулотларнинг сақланиш муддатига ҳам таъсир қилмоқда. Сабзавот ва мевалар одатдагидан тезроқ бузилади, бу эса деҳқонлар ва сотувчилар учун қўшимча муаммолар туғдирмоқда.
Маҳаллий аҳоли иссиқликнинг энг юқори палласида соя излашга, иш вақтини қисқартиришга ва имкони борича кўпроқ сув истеъмол қилишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ 47–48 даражали ҳароратда ҳатто бу чоралар ҳам доимо етарли бўлавермайди.
Мутахассислар эса бундай экстремал иссиқлик тўлқинлари иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, келгуси йилларда Жанубий Осиёда шундай ҳолатлар янада кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.