Шак йўқки, таътил ўқувчи дам олиши, келаси ўқув йилига куч тўплаши учун жорий этилган. Аслида катталарга нисбатан қўлланиладиган “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам" нақли ўқувчи болажонларга ҳам тааллуқли. Вақтида дам олган бола яхши ўзлаштиришга қодир бўлади. Аммо бу омилларни рад этмаган ҳолда аниқ айта оламизки, таълим олишда таътил ва танаффус йўқ!
Таътил мактабнинг талаб ва тартибларига амал қилиш бўйича ўқувчига берилган дамдир. Эътибор беринг: талаб ва тартибларга, асло таълимга эмас! Бу дегани — таътилда имтиёзга эга бўлган ўқувчи ҳар куни эрта тонгдан уйғонмайди, форма киймайди, белгиланган соатларда дарсда ўтирмайди, уйга вазифани бажариб топширмайди. Балки таълимнинг ихтиёрий, индивидуал, ўзига мослаштирилган шаклида илм олишни давом эттираверади.
Ким таътилни кўчада дайдиш, ўртоқлари билан санғиш, кун бўйи ястаниб ётиш, телевизор ёки телефонга михланиш учун қулай палла деб тушунса, янглишади ва ютқазади! Ваҳоланки, таътил ўз устида ишлаш учун зўр шароитдир. Энг аълочи ўқувчининг ҳам камроқ биладиган, қийналиб тушунадиган фани ёки мавзуси бўлади. Таътил эса ана шу кемтикни тўлдиришга хизмат қилса, айни муддао.
Бекор ўтказиш учун уч ой ёз жуда кўплик қилади. Фарзандингизни ортиқча аяманг, ачинманг. Агар чиндан ҳам унга меҳрибон бўлсангиз, таълими учун кўпроқ сармоя киритинг, билим даражасини текширинг, ўқишини назорат қилинг, ёрдам беринг! Болам қийналиб қолади, деб ўйламанг. Йўқ, қийналмайди. Қийналса ҳам майли. Эртага билимсизликдан ҳаёт мураккабликлари олдида ожиз қолгандан кўра бугун заҳмат чеккани яхшироқ.