Россия 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашмаган, бу Обаманинг фитнаси бўлган, дея хабар бермоқда АҚШ Миллий разведкаси.
"Москванинг 2016 йилда Қўшма Штатлардаги президентлик сайловларига аралашиш нияти ҳам, имконияти ҳам бўлмаган", — деди АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард Fox News телеканалидаги чиқишида.
Габбарднинг сўзларига кўра, Барак Обама маъмурияти 2016 йилги президентлик сайловида Доналд Трампнинг ғалабасидан норози бўлиб, унинг мамлакатни бошқаришига тўсқинлик қилиш учун ҳисоботларни сохталаштирган.
Миллий разведка раҳбари Барак Обамани “АҚШ халқи иродасига қарши иш тутиш”да айблади.
Бундан аввал Габбард Обама маъмурияти томонидан разведка маълумотларини сохталаштиришга оид ҳисоботни ҳам эълон қилган эди. Унинг айтишича, 2016 йилнинг август ойида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг бир ходими Миллий разведканинг ўша пайтдаги раҳбари Жеймс Клепперга “овозлар ҳисоб-китобига аралашув белгиси йўқлиги” ҳақида хабар берган. Бу вақтда Обама жамоаси аксини даъво қилаётган эди.