Германияда 16 йил узлуксиз касаллик таътилида бўлган ўқитувчи аёл бу вақт давомида тўлиқ маош олиб келган. Бу ҳақда Oddity Central хабар берди.
Шимолий Рейн-Вестфалиянинг Везел шаҳридаги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси 2009 йилдан бери касаллик таътилида бўлиб, ҳар ойда мунтазам равишда тахминан 6,1 минг евро (салкам 90 млн сўм) маош олган. Шу тариқа унга 16 йил давомида тахминан 1 миллион евро маош тўланган.
Мактабнинг раҳбарияти янгилангач ўқитувчининг чиндан ҳам «тоби қочди» — улар тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилишди, «таътилни яхши кўрувчи» ўқитувчи эса мактабни судга берди. Аммо суд мактаб фойдасига ҳукм чиқарди, 2,5 минг евро суд харажатини қоплаш эса узоқ таътилдаги ўқитувчининг гарданига юкланди.
Очиғи судя ҳам ҳайрон: ўқитувчи 16 йил давомида бирон марта ҳам ишга чиқмагани, аммо ҳар ойда тинмай касаллик варақасини тақдим этиб келганини «тушунарсиз» вазият, деб атади. Германия қонунларига кўра, ўқитувчилар давлат хизматчиларига тенглаштирилган ва вақт бўйича чекланмаган касаллик таътилида тўлиқ иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Ўқитувчи аёлга фақат бир нарса панд берди — касаллик таътили даврида тиббиётга ихтисослашган стартап, яъни ўз бизнесига асос солган, бу эса қонунчиликни жиддий бузиш ҳисобланади.