Бугун 20 сентябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Улан-Баторда Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Улан-Баторда Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди



2024 йил 18 сентябрда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директор ўринбосари Бахтиёр Мустафаев бошчилигидаги делегация Мўғулистон Хавфсизлик тадқиқотлари миллий институти томонидан Улан-Баторда ташкил этилган Марказий Осиё бўйича биринчи халқаро “Blue Sky” форумида иштирок этди.
Форум Марказий Осиё ва Мўғулистоннинг етакчи таҳлилий марказлари экспертларини жамлади. Иштирокчилар орасида Қозоғистон Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти, Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти ва Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази вакиллари ҳам бор. Мўғулистондан эса Стратегик тадқиқотлар институти ва Фискал барқарорлик кенгаши мутахассислари иштирок этди.
Форумнинг асосий кун тартиби Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга қаратилди.

Б.Мустафаев Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистоннинг иқлим муаммоларига қарши курашишдаги ўзаро ҳамкорлиги масалалари тўғрисидаги маърузаси билан иштирок этди.
Эксперт таъкидлаганидек, бугунги кунда Марказий Осиё ва Мўғулистон иқлим ўзгариши соҳасида бир бирига яқин муаммоларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан уларга ушбу йўналишдаги ҳамкорлик бўйича таклифлар берилди.
Мутахассиснинг фикрича, биринчи навбатда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш лозим.
Ўзбекистонда 4 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ерлардан 1 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Ишлаб чиқилган ёндашувлар натижасида 2 миллиард куб метр сув тежалди, бу Ўзбекистондаги бутун бир вилоятининг йиллик истеъмолига тенг. Бу борадаги фаол чора-тадбирлар туфайли бугунги кунда мамлакатимиз сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича жаҳонда Исроил, АҚШ, Россия Федерацияси, Испания, Бразилия ва Италиядан кейин 7-ўринни эгаллаб турибди.
Иккинчидан, Б.Мустафаевнинг фикрича, чўлланишга қарши курашиш бўйича Қўшма илмий-тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш зарур.
Умумий майдони қарийб 400 миллион гектар бўлган Марказий Осиёнинг бешта давлатида ерларнинг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учраган. Марказий Осиёда чўлланиш минтақа аҳолисининг учдан бир қисмига таъсир кўрсатмоқда. Марказий Осиё давлатлари бу муаммони минтақавий ҳамкорлик доирасида ҳам, халқаро ташкилотлар платформаларида ҳам ҳал қилишга интилмоқда.
Шундай қилиб, 2023 йилда Чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчилик бўйича БМТнинг биринчи йиғилиши Самарқандда бўлиб ўтди, унда чанг ва қум бўронлари муаммоси кўтарилди. Ўзбекистон Орол денгизи тубидаги чўлланишга қарши курашда муваффақиятли тажрибага эга. Сўнгги йилларда қуриган денгиз тубида 1,7 миллион гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилди, яшил майдонлар майдони 2 миллион гектарга кўпайтирилди.
Учинчидан, институт директори ўринбосарининг қайд этишича, «яшил» технологияларни ривожлантириш орқали қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшма ҳамкорликни ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Мўғулистон ва Марказий Осиё мамлакатлари яшил энергияни ривожлантиришда ўхшаш мақсадларга эга ва қуёш ва шамол энергияси учун улкан салоҳият мавжуд. Бундан ташқари, Марказий Осиё минтақасида нодир ер металларининг катта заҳиралари мавжуд бўлиб, «яшил кун тартиби»ни фаол қўллаб-қувватлаётган мамлакатларда уларга бўлган талаб муттасил ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, эксперт Норвегия халқаро муносабатлар институти Энергетика тадқиқотлари марказининг тадқиқот маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда, Марказий Осиё келажакда тоза энергия технологиялари учун мўлжалланган муҳим материалларнинг йирик глобал етказиб берувчисига айланади.

Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда қуёш электр станцияларини қуриш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш учун муҳим компонентлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари бор, дея хулоса қилди эксперт.
Форум якунида Мўғулистон томони Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканлигини билдирди. Ишончни мустаҳкамлаш ва Экспертлар, дипломатлар ва академик доиралар даражасида фаол алоқаларни ўрнатиш орқали барча даражадаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Хавфсизлик тадқиқотлари миллий институти 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, Мўғулистон миллий хавфсизлигига таъсир этувчи глобал ва минтақавий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тенденциялар, анъанавий ва ноанъанавий чақириқ ва таҳдидларни ўрганади.

Киритилди: 12:19 19.09.2024. Ўқилди: 313 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!