Европа Иттифоқининг 2025-йилда Украина учун артиллерия снарядлари харид қилиш учун 5 миллиард евро ажратиши Франция ва Италиянинг позицияси туфайли таҳдид остида. Бу ҳақда Bloomberg европалик дипломатларга таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, 20-март куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқининг 27 давлатининг аксарияти ташаббусни қўллаб-қувватлаган, бироқ Париж ва Рим молиявий мажбуриятларни олишга шошилмаяпти.
Гап Украина армияси зудлик билан зарур бўлган 2 миллион артиллерия снарядларини сотиб олиш ҳақида кетмоқда. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кажа Каллас маблағнинг камида бир қисми тасдиқланишига умид билдирди.
"Агар биз бутун йил давомида қарор қабул қила олмасак, ҳеч бўлмаганда қисқа муддатга қарор қилайлик", деди у.
Каллас аввалроқ 20 дан 40 миллиард еврогача бўлган, 2025-йил охиригача давом этадиган каттароқ ёрдам пакетини таклиф қилган эди. Ташаббус юкни Eвропа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида мутаносиб равишда тақсимлашни назарда тутган эди, бироқ Италия, Франция, Испания ва Португалия бунга қарши чиқди.
Венгриянинг ветосини четлаб ўтиш учун Каллас "хоҳлаганлар коалицияси"ни - Украинага якка тартибда қурол етказиб беришга тайёр давлатлар гуруҳини яратишни таклиф қилди. Бироқ, ҳатто қисқартирилган шаклда ҳам, лойиҳа қаршиликка дуч келди.
Франсия вакиллари ташаббус мақсадларини қўллаб-қувватлашларини айтишган, бироқ улар Украинага яна бир ёрдам пакетини – 18 миллиард евролик кредитни амалга оширишга устувор аҳамият беришган. Италия дипломатлари Рим қўшимча техник ва молиявий маълумотларни сўраганини тушунтирди.
Финляндия Бош вазири Петтери Орпо Калласнинг ғоясини қўллаб-қувватлади ва Европа Иттифоқидаги келишмовчиликлардан афсусда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлатлар Украинани қўллаб-қувватлаш учун “eтарлича ҳаракат қилмаяпти”.