"Россия фахрийлари" турк сериалларига қарши кураш бошлади.
"Россия фахрийлари" жамоат ҳаракати Роскомнадзор, Давлат думаси ва Маданият вазирлигига турк сериалларини тақиқлаш талаби билан мурожаат қилганини "Lenta.ru" хабар бермоқда.
Ҳаракат раиси Илдар Резяповнинг айтишича, турк сериаллари гўёки демографияга салбий таъсир кўрсатармиш, чунки улар эркакнинг ҳақиқатдан йироқ образини яратиб, рус аёлларининг "ўз йигитларига бўлган қизиқишини сўндирармиш".
"Турк сериаллари онгимиз учун, хусусан, аёлларимиз учун олиб борилаётган ғоявий курашнинг бир қисмидир," - деб таъкидлайди Резяпов.
Шунингдек, рус сериалларида маҳаллий эркаклар ичкиликбоз, золим ва муваффақиятсиз қиёфада тасвирланиши, кучли аёллар эса назокат билан муомала қиладиган чет элликни учратиб, ташвишлардан халос бўлиши қайд этилган. Резяповнинг фикрига кўра, бу гўёки Россияда туғилиш даражасининг пасайиши ва оила институтининг емирилишига олиб келармиш. Унинг қўшимча қилишича, "бузғунчи тарғибот" тушунчасини киритиш ва у ўз ичига нималарни олишини қонун даражасида белгилаш керак.