Украинанинг ғарбий иттифоқдошлари Москва ва Киев ўртасида тинчлик битими имзоланиши эҳтимолини ҳисобга олиб, "кафолат режаси"ни тайёрламоқда. Режа иккита алоҳида тинчликпарварлик миссиясини ҳамда нодир ер элементлари бўйича келишув эвазига "АҚШнинг моддий-техник мавжудлиги"ни назарда тутади. Бу ҳақда Италиянинг La Repubblica газетаси хабар бермоқда.
Нашрнинг маълум қилишича, биринчи контингент Ҳиндистон, Индонезия, Бразилия ва Саудия Арабистони ҳарбийларидан ташкил топиши мумкин бўлиб, уларни Россия ва Украина чегарасига жойлаштириш кўзда тутилган. Иккинчи контингентга эса "иштиёқмандлар коалицияси" ҳарбий хизматчиларини киритиш режалаштирилган - улар Украинанинг Полша, Болгария, Словакия ва эҳтимол Венгрия билан ғарбий чегараси бўйлаб жойлаштирилади.
Газета хабар беришича, Буюк Британия, Франция, Германия, Канада, шунингдек Италия Украинанинг ғарбий чегараларини назорат қилишни режалаштирмоқда. Бироқ нашр таъкидлашича, бу режани фақат тинчлик битими имзолангандан кейингина амалга ошириш мумкин бўлади.
La Repubblica газетасининг хабар беришича, Россия ва Украина чегарасига Осиё ва Жанубий Америкадан тинчликпарвар кучларни юбориш режаси, Россиянинг НАТО ҳарбийларининг Украинада бўлишини қабул қилмаслигига асосланмоқда. Бу ҳақда 12 март куни Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди ва НАТО вакилларининг мавжудлигини Россия учун "таҳдид" деб баҳолади. Бироқ, кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинада учинчи давлатлар қуролли кучларининг қайси байроқ остида бўлишидан қатъи назар жойлаштирилиши, бу давлатларнинг Россия билан тўқнашувдаги бевосита иштироки сифатида қаралишини таъкидлади.