Нашрнинг ёзишича, Италия ва Франция томонидан Украинага етказиб берилган иккита SAMP-T замонавий ҳаво мудофаа тизимлари ўзининг Aster-30 ракеталари захирасини деярли тугатган.
Маълумотларга кўра, Украина ҳукумати бир неча ҳафтадан буён Рим ва Париждан камида 50 та Aster-30 ракетасини тақдим этишни сўраб келмоқда. Бироқ Италия ҳукуматининг ўзида ҳам ракеталар захираси танқислиги кузатилаётгани сабабли ушбу сўровлар бўйича сўнгги қарор қабул қилишга шошилмаяпти. Францияда ракеталар кўпроқ, аммо Париж ҳам ҳали ижобий жавоб бермаган.
Киевга биринчи SAMP-T тизими 2023 йилда Италия ва Франция томонидан етказиб берилган эди. Иккинчи мажмуа эса 2024 йил сентябр ойининг охирида Италиядан Украинага жўнатилган. SAMP-T тизими бир вақтнинг ўзида ўнта нишонни кузатиб, уларни йўқ қилиш имкониятига эга. У Европа ишлаб чиқарган ягона ҳаво мудофаа тизими бўлиб, баллистик ракеталарни уриб тушириш қобилиятига эга. Бир дона тизимнинг баҳоси тахминан 500 миллион еврони ташкил қилади.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Aster-30 ракеталари танқислигидан ташқари, Украина армияси америкаликлар томонидан етказиб берилган узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталарининг ҳам етишмовчилигини ҳис қилмоқда. Уларнинг захираси 2025 йил январ ойининг охирида тугаган.