Украина вазирлар маҳкамаси мамлакат мудофаа кучларида хизмат қилиш истагида бўлган 18-24 ёшли кўнгиллилар учун бир йиллик шартномани тасдиқлади. Бу ҳақда мудофаа вазири Рустем Умеров 11 феврал, сешанба куни кечқурун Facebookʼда маълум қилди. "Биз армияни кадрлар билан таъминлашнинг замон талабларига жавоб берадиган янги тизимини яратмоқдамиз", деди у.
Таъкидланишича, 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган кўнгиллилар учун бир йил муддатга тузилган шартномада ҳарбий қисмда бошланғич умумий ҳарбий тайёргарлик, касбий тайёргарлик ва мослашиш курсидан ўтиш кўзда тутилган.
Кўнгиллиларга 1 миллион гривна (23 минг евро) «бир марталик моддий ёрдам» сифатида тўланади, жумладан: шартнома имзолангандан кейин 200 000 гривна, ўқув машғулотларини тугатгандан кейин 300 000 гривна ва ҳарбий қисмлар рўйхатидан чиқарилган кунида 500 000 гривна. Шунингдек, 120 000 гривнагача бўлган «ойлик нақд пуллар», хизматни тугатгандан сўнг 0 фоизда ипотека олиш имконияти ва бир қатор ижтимоий кафолатлар тақдим этилади.