Агентлик маълумотларига кўра, Киевнинг АҚШ томонидан Москвага қарши жорий қилиниши мумкин бўлган янги санкцияларга бўлган умидлари аста-секин сўнмоқда ва Зеленский ана шундай мавҳум вазиятда БМТ Бош Ассамблеясига йўл олмоқда.
"Мен Трамп Россияга қарши санкциялар жорий этишига шубҳа қиламан. Шунга қарамай, Зеленский эҳтимол Трамп билан учрашувда ундан Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни сўрайди. Менимча, Украина ўз қуролли кучларини мустаҳкамлашга эътибор қаратгани маъқул", — деди украиналик расмий.
Украинанинг собиқ мудофаа вазири Андрей Загороднюк ҳозирги стратегияни “Россияни нейтраллаштириш” деб таърифлайди ва бу асосан Киевнинг ўз кучларига таянган ҳолда амалга оширилмоқда.
Таҳлил марказларидан бирини ходимининг айтишича, Украина нафақат санкциялар борасида муаммоларга ва АҚШ ёрдамининг қисқаришига дуч келмоқда, балки европалик баъзи иттифоқчиларининг кўмагини ҳам йўқотиши мумкин.
Юқори мартабали европалик дипломатнинг сўзларига кўра, АҚШ билан разведка маълумотлари алмашинуви ҳамда Америка қурол-аслаҳаларини Европа томонидан сотиб олиниб, Украинага топширилишини назарда тутувчи янги харид механизми Украина армиясининг қаршилик кўрсатишда давом этиши учун муҳим омиллар ҳисобланади.
"Киев, шунингдек, Россиянинг Қрим яриморолини босиб олиши билан боғлиқ саммитни ўтказиш режасини илгари сурмоқда. Бу эса, эҳтимол, Қримнинг Россия ҳудуди сифатида тан олинишини назарда тутувчи ҳар қандай тинчлик келишувини муҳокама қилишга тўсқинлик қилишга қаратилган", дея ёзмоқда Reuters.