Ўзбекистон ТИВ Красноярскдаги ҳолат бўйича хабар берди. Хабарга кўра, Красноярск ўлкасининг Емеляново туманига қарашли «Корона» банкет залида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хорижий фуқароларнинг Россия Федерацияси миграция қонунчилигини бузиш ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига қарши рейд ўтказилган.
Текширув давомида Ўзбекистон Республикасининг 8 нафар фуқароси РФда бўлиш қоидаларини бузганлиги аниқланган. Улардан 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўраётгани айтилган.
ТИВ ушбу бинода ўзбек эстрадаси хонандаларидан бири тегишли идоралар билан келишмаган ҳолда концерт ўтказгани ва айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлганини айтмоқда.
Бош консулхона ўз фикрини ҳам билдириб ўтибди, унга кўра, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим.