1.Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг газ таъминоти бўлими бошлиғи мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, 10 та хонадонни юқори босимли табиий газ тармоғига улаб бериш эвазига ҳар бир хонадондан 1000 АҚШ долларидан жами 10 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағини ўзининг таниши орқали олган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, туман газ таъминоти бўлими раҳбари муқаддам судланган бўлсада ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2.Бошқа ҳолатда эса Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг бош мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Қува туманида жойлашган 4 сотих ер майдонида қурилиши тугалланмаган бино-иншоотларнинг ҳужжатларини кадастр, архитектура каби мутасадди ташкилотларда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.