Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Украина пайшанба куни Россиянинг Белгород вилоятига АҚШда ишлаб чиқарилган олтита ATACMS ракетаси билан ҳужум уюштирган.
Вазирлик Россия жавоб чораларини кўришини, бироқ барча ракеталар йўқ қилингани, қурбонлар ва моддий зарар йўқлигини билдирди.
Шу билан бирга, Украина Ғарбий Белгород вилоятига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини нишонга олиб, ҳарбий радарларга шикаст етказган ракета ҳужумини амалга оширганини маълум қилди.
Илгари Москва Украина ATACMS ёки Британия етказиб берган Storm Shadow круз ракеталарини ҳар сафар Россияга отганда жавоб қайтаришини айтган эди.
Украина бу қуроллардан биринчи марта ноябрь ойида Вашингтон ва Лондондан рухсат олгач, Россия ҳудудига зарба беришда фойдаланган. Россия бунга жавобан янги ўрта масофали гипертовушли "Орешник" ракетасини ишга туширди ва келажакда ҳам шундай қилиши мумкинлигини билдирди.