«Ҳудудий яхлитлик қадриятларимизнинг бир қисмидир», деди Украина мудофаа вазири Рустем Умеров. У ОАВда Киевнинг урушдаги устувор йўналишлари ўзгаргани ҳақидаги хабарларни «ёлғон ва Россия пропагандасининг бир қисми» деб атади.
«Бизнинг устувор вазифамиз одамларни ҳимоя қилиш, миллатни ҳимоя қилиш, одамларни деярли 10 йиллик вақтинчалик босқиндан озод қилиш бўлиб қолмоқда, шунинг учун Қрим ва Донбасс Украинанинг бир қисмидир», деб таъкидлади Умеров.
Аввалроқ The New York Times АҚШ президентлик сайловларида республикачи Доналд Трамп ғалаба қозонганидан сўнг, эҳтимолий тинчлик музокаралари чоғида Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласи Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтаришдан муҳимроқ бўлиши ҳақида хабар берган эди.