Маълумки, Украина илғор технология ишлаб чиқиш учун зарур муҳим хом ашё ва каттагина ноёб ер захирасига эга давлат.
Ўтган жума куни бўлиб ўтган Трамп ва Зеленский ўртасидаги қизғин қарама-қаршилик асослари аллақачон келишилган битим имзоланишига тўсқинлик қилди. Шундан сўнг АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам беришни вақтинча тўхтатди.
Билъакс, Киев ҳукумати АҚШнинг Украина табиий ресурсларига имтиёзли кириши имкониятини сақлаб қолиш мақсадида Трамп ҳаммасини қайтадан ўйлаб кўришидан умид қилмоқда.
Аввалроқ Қўшма Штатлар етакчиси Украинага уруш бошлангандан бери кўрсатилган молиявий ёрдамни қайтариш имкони берилишини билдирганди. Унинг айтишича, бу миқдор 350 миллиард доллар. 2022 йилдан буён атиги 83,4 миллиард доллар қайтарилган.
Украинада қандай хом ашё ва минераллар бор?
Жаҳон иқтисодий форуми маълумотига кўра, Украинада 116 турдаги 20 000 фойдали қазилма кони мавжуд бўлиб, шундан 3055 таси ёки 15 фоизи урушдан олдин фаол эди.
Бу заминда электр транспорт воситаларида қайта зарядланувчи аккумулятор ишлаб чиқариш учун зарур бўлган 500 000 тонна, Европанинг учдан бир қисми, жаҳон захирасининг 3 фоизига тўғри келадиган фойдаланилмаган литюм бор.
Икки йирик объект – Донецкдаги Шевченко кони ва Запорожьедаги Крута Балка можаро ҳудудида жойлашган.
Шунингдек, аэро фазовий, ҳарбий ва тиббий соҳада қўлланадиган титаннинг 6 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади. Мамлакат ярим ўтказгичлар хом ашёси – галлий ишлаб чиқариш бўйича дунёда 5-ўринни эгаллайди, графит кони кўплиги борасида ер юзидаги беш етакчи давлатдан бири ҳисобланади.