Украина Вазирлар Маҳкамаси Эрон билан дипломатик ва хизмат паспортига эга фуқаролар учун визасиз саёҳат қилиш бўйича келишув меморандумини бекор қилди.
Бу ҳақда ҳукуматнинг Олий Рададаги вакили Тарас Мелничук маълум қилди.
"Украина ҳукумати ва Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ўртасида 1993 йил 15 мартда Киевда тузилган дипломатик ва хизмат паспортига эга фуқаролар учун визасиз саёҳат қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми тугатилди", — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрида Киев Теҳрон билан 1993 йилдаги ҳаво қатнови келишувини ҳам бекор қилган эди. Украина Эронни Россияга можарода ёрдам беришда айблайди.