Президент Владимир Зеленский 14 ноябрь куни кечки телемурожаатида Украина расмийлари уруш даврида мамлакат барқарорлигини сақлашга қаратилган «бардошлик режаси»ни ишлаб чиқаётганини айтди. Президент девони келгуси режанинг айрим тафсилотларини эълон қилди.
«Биз Украина учун, барқарорлигимиз учун асосий, доктринал ҳужжат тайёрлаймиз. Аниқ иловалар билан. Босқичма-босқич. Украина ғалабаси учун ички имкониятларимизни қандай йўналтирамиз», — дейилади президент девонида.
Режанинг муҳим қисми маданий суверенитет тўғрисидаги банд бўлади. Ҳужжат маданий меросни сақлаш, замонавий Украина маданияти ва маданий дипломатияни ривожлантириш масалаларини қамраб олади. Шунингдек, украин контентини яратиш ва маданий ҳамжамиятни бирлаштириш режалаштирилган. Яна бир муҳим бўлим хавфсизлик бўлади.
«Бу асос. Ҳар бир инсонимиз учун зарур бўлган хавфсиз майдон», — дейилади президент идораси баёнотида.
Режада энергия ва қуроллар бўйича ҳам мавжуд. Улар маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва Ғарб иттифоқчиларидан доимий этказиб беришни ўз ичига олади.
Украина фуқаролари учун «бардошлилик режаси» тақдимоти келгуси ҳафтага мўлжалланган.
Аввалроқ Украина расмийлари халқаро ҳамкорликка қаратилган «ғалаба режаси»ни ишлаб чиққан эди. Унда НАТОга таклиф, қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш ва Россия ҳудудига ҳужумлар учун узатилган ракеталардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилиш киради. Бу режа аллақачон асосий иттифоқчилар ва Олий Радага тақдим этилган.