Мамлакатда биринчи бўлиб касалланган шахс КДРнинг (Конго Демократик Республикаси) 59 ёшли фуқароси бўлди, у 11 май куни Кампалада шифохонага ётқизилган. У уч кундан кейин, яъни Эбола эпидемияси бошлангани маълум бўлишидан олдин вафот этган. Угандада тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган яна икки нафар Конго фуқаросида ҳам вирусга топширилган тест ижобий натижа берган.
23 май куни расмийлар угандаликлар орасида касалланишнинг дастлабки ҳолатларини тасдиқлади — булар вафот этган бемор билан алоқада бўлган ҳайдовчи ва тиббиёт ходимидир. Душанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кампаладаги хусусий шифохонанинг яна икки нафар ходими касаллангани ҳақида хабар берди.
Эпидемияга жавобан Уганда президенти Йовери Мусевени фуқароларни қўл бериб кўришишдан тийилишга чақирди ва Кампала яқинидаги католик черковида ҳар йили ўтказиладиган, минглаб зиёратчиларни (жумладан, Конгодан ҳам) тўплайдиган диний тадбирни бошқа муддатга кўчиришга буйруқ берди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги барча йўловчи ташиш қатнови вақтинча тўхтатилди.
Конгонинг ўзида эса, расмийларнинг маълумотларига кўра, касалликка гумон қилинаётганлар сони 900 нафардан ошиб кетган — улар асосан шарқий Итури провинциясида қайд этилган. Бу галги эпидемия вируснинг "Бундибугйо" штамми туфайли келиб чиққан бўлиб, унга қарши ҳали тасдиқланган вакцина ҳам, махсус даволаш усули ҳам мавжуд эмас, дейилади хабарларда.