19 март куни мухолифатчи Истанбул ҳокими Экрем Имомоғли қамоққа олинганидан буён Туркия Марказий банкининг валюта захиралари 41,5 миллиард долларга камайди.
Натижада мамлакатнинг соф валюта захиралари 19,3 миллиард долларгача тушиб кетди.
Илгарироқ Марказий банк раиси Фотиҳ Қорахон валюта бозоридаги уч кунлик аралашувлар давомида турк лирасини барқарорлаштириш мақсадида 25 миллиард доллар сотилганини маълум қилганди. Имомоғли ҳибсга олинган куни лира 11 фоиздан зиёдроқ қадрсизланди ва Истанбул фонд биржасидаги савдолар бир неча марта тўхтатилди.
Нашрнинг иқтисодий таҳлилида таъкидланишича, рўй бераётган воқеалар ҳукуматнинг йил охиригача инфляцияни 24 фоизгача пасайтириш режаларини барбод қилиши мумкин. Марказий банкнинг март ойидаги сўровномасига кўра, бозор иштирокчиларининг кутилмалари 30 фоиз даражасида.
Туркияда март ойида йиллик инфляция 38,10 фоизни ташкил этди - бу февраль ойидаги кўрсаткичдан (39,05 фоиз) бироз пастроқ.