Deutsche Welle (DW) манбасининг хабар беришича, Украинага қарши тажовуз жинояти бўйича махсус трибунал 20 нафар Россия амалдорини жавобгарликка тортишни кўзда тутмоқда.
Манба айтишича, аниқ рўйхатни Киев тузади, бироқ бу шахслар шахсий эмас, балки функционал, яъни лавозимларига боғлиқ иммунитетга эга эканлиги аллақачон маълум, аммо бу уларни ҳимоя қилмайди.
Нашр суҳбатдошининг қўшимча қилишича, гап Украинага қарши тажовуз жиноятини режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ва амалга оширишда масъул бўлган юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар ҳақида бормоқда.
Дастлаб, махсус трибунал мамлакатнинг олий мансабдор шахсларига: Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга нисбатан қўлланилиши маълум қилинган эди. Бироқ, улар ўз лавозимларини тарк этмагунча судланмайди. Шунга қарамай, бу уларга қарши тергов олиб боришга тўсқинлик қилмайди ва тергов натижасида айблов хулосаси тайёрланади. Трибунал ташкил этилишига яқин бўлган бошқа манбанинг айтишича, суд дахлсизлик бекор қилинганидан сўнг айблов эълон қилиши ва қамоққа олиш ордерини чиқариши мумкин. Шу билан бирга, Путин, Мишустин ва Лавровга нисбатан суд жараёни сиртдан ўтказилиши эҳтимоли мавжуд.