Ҳозирги кунда Туркияда фаолият кўрсатаётган 200 дан ортиқ университетда дунёнинг турли давлатларидан келган 200 мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда.
Ҳам Осиё, ҳам Европада ўз тупроқларига эга бўлган, чуқур тарихий ўтмиши билан кўплаб цивилизацияларга мезбонлик қилган, ўз қадриятлари асосида катта суръатлар билан ўсиб, ривожланаётган Туркия сўнгги йилларда хорижлик талабалар учун энг жозибадор давлатлардан бири бўлиб бормоқда.
1863 йилда илк Дорулфунуннинг ташкил этилиши билан бошландиган Туркиядаги университетлер сони ҳозирги кунда 209 тани ташкил этади. Бу университетларда эса жами 8 миллиондан ортиқ махаллий ва ҳорижлик талаба бакалавр, магистр ва докторантура йўналишларида таҳсил олмоқда.
Туркияда фаолият кўрсатаётган университетларнинг 131 таси давлат университетлари бўлиб, давлат университетлари 11 та техник университет, 2 та тасвирий санъат университети ва 1 та юқори технология институти, шунингдек, Жандармерия ва қирғоқ қўриқлаш академияси, Полиция академияси ва Миллий мудофаа университетини ўз ичига олади. Мамлакатда шунингдек 78 та фонд университетлари ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Туркияда олий таълимдаги имтиёзлар чет эллик талабалар учун ажойиб имконият бўлиб, мамлакатда таълим харажатлари ва саёҳат чиқимлари кўплаб Европа ва Америка давлатларига қараганда паст бўлсада, таълим сифати юқори ҳисобланади. Туркияда нафақат ўқиш контракт тўловларини, балки турар жой, суғурта ва саёҳат харажатларини ҳам қоплайдиган стипендиялар мавжудлиги ҳам хорижлик талабалар учун Туркиянинг жозибадорлигини оширади.
Туркия ўзининг кўплаб нуфузли университетлари ва сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга ошираётган тадқиқотлари билан ҳам дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.
Чет эллик талабаларга берилган имкониятлар, университетлардаги инновацион ва сифатли таълим ҳар йили янада кўпроқ чет эллик талабанинг билим олиш учун Туркияни танлашига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, Туркиядаги турли университетлар битирувчиларининг дипломи дунёнинг барча давлатларида тан олиниши ҳам таҳсил олиш учун мамлакатга келаётган хорижлик талабалар сонининг ошишини таъминламоқда.
Низомжон Исломов тайёрлади.