Туркиянинг Трабзон шаҳрида давом этган ёмғирдан кейин кучли сув тошқинлари содир бўлди.
Тўхтовсиз ёғаётган ёмғир туфайли шаҳардаги кўчалар, уйлар, корхона ва шифохоналарни сув босди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ақчаобод туманида 72 ёшли фуқарони қидириш ишлари олиб борилмоқда. Тахминларга кўра, уни сел сувлари олиб кетган.
Беширли ҳудуди энг кўп жабр кўрган, эски қирғоқ йўли бутунлай сув остида қолган. 50 га яқин машина сув остида қолган, ўнлаб дўкон ва идораларга зарар етган. Расмийлар кўчки ва қирғоқнинг такрорий ўпирилиш хавфи ҳамон сақланиб қолгани ҳақида огоҳлантирган.
Трабзондан ташқари Туркиянинг Гиресун, Орду ва Ризе вилоятларида ҳам кучли ёмғир ва эҳтимолий табиий офатлар ("сариқ код ") ҳақида огоҳлантиришлар берилди.
Трабзон губернатори Азиз Йилдиримнинг маълум қилишича, бир неча соат ичида баъзи ҳудудларда 60 мм дан ортиқ ёмғир ёғган. Бу сув сатҳининг кескин кўтарилишига олиб келди. Таълим ва тиббиёт муассасалари ҳам қисман сув остида қолган.
Етказилган зарарни аниқлаш ишлари бошлаб юборилган, солиқ ва қишлоқ хўжалиги органлари вакиллари сафарбар этилган.
Хизматлар кечаю кундуз ишлайди. Синоптиклар ҳозирча кучли ёғингарчиликни башорат қилишмаяпти, бироқ расмийлар дарё ўзанлари ва жарлар яқинида яшовчи аҳолидан айниқса ҳушёр бўлишни сўрамоқда.