Англиянинг «Манчестер Сити» клуби тажрибали ҳимоячи Жон Стоунз жорий мавсум якунлангач, жамоа билан хайрлашишини расман эълон қилди.
31 ёшли футболчи «шаҳарликлар» сафидаги 10 йиллик муваффақиятли фаолиятига нуқта қўймоқда.
Жон Стоунз «Манчестер Сити» таркибига 2016 йилда келиб қўшилган эди. Шу вақт ичида у жамоа либосида 293 та учрашувда майдонга тушиб, «шаҳарликлар»нинг энг зафарли даврига улкан ҳисса қўшди.
Ҳимоячи Манчестер клуби билан биргаликда жами 19 та совринни қўлга киритди. Улар орасида 6 та АПЛ чемпионлиги ва тарихий Европа Чемпионлар лигаси кубоги бор.